Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда OPASCA German Oncology Solutions GmbH томонидан 50 миллион евро қийматидаги энг сўнгги технология ва жиҳозлар билан таъминланган, замонавий клиника бунёд этиш ҳамда Германиянинг нуфузли Манҳейм университети клиникаси билан ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан келишув имзоланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

— Эндиликда ўта оғир, мураккаб ва гумонли ҳолатларга ҳам аниқ ташхис қўйиш ва самарали даволаш имкони юзага келади. Энг муҳими, ушбу замонавий шифохонада германиялик етакчи мутахассис ва олимлар доимий асосда ишлайди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов. — Бундан ташқари, Манҳейм университети клиникаси профессорлари томонидан ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш йўлга қўйилади. Шу тариқа Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба тиббиётнинг барча йуналишлари бўйича Германиянинг энг илғор тиббиёт марказида ўзбекистонлик мутахассисларни мунтазам тайёрлаш ҳамда малака ошириш тизимига асос солинди.