Тошкентнинг 11 туманида 4 январдан хорижга чиқиш паспортларини расмийлаштириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бошланди, дея хабар қилди пойтахт Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи подполковник Қудрат Юлдашев.

«1−3 январь кунлари зарур ускуналарни ўрнатдик, фуқаролар учун шароитлар яратдик ва ходимларни ўқитдик. Бугун биринчи кун. Аввалига пунктлардаги ҳар бир биометрик маълумотларни тўплаш ускунаси орқали кунига 180−200 кишини ўтказиш қобилиятига эга бўлишини кутган эдик. Бироқ сўнгги маълумотларга кўра, биз 200 дан кўпроқ кишини қабул қила олишимизни кўрсатди», — деди у.

Ўзбекистон ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Бадриддин Шорихсиевнинг «Газета.uz"га хабар беришича, бугунги кунда бешта вилоятда ускуналарни ўрнатиш ишлари ҳали якунига етказилгани йўқ. Уларнинг 7 январдан аризачиларни қабул қилишни бошлаши кутилмоқда.

Аввал хабар қилганимиздек, хорижга чиқиш паспорти Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази томонидан 10 иш куни ичида расмийлаштирилиши лозим. Катталар учун ҳужжатнинг амал қилиш муддати — 10 йил (болалар учун — камроқ).

Икки йил муддатга берилувчи хорижга чиқиш учун рухсатнома стикери (овир) бекор қилинди. Паспортда овир мавжуд бўлса, унинг амал қилиш муддати тугагунга қадар хорижга чиқиш мумкин.

Хорижга чиқиш паспортини олиш учун иш, ўқиш жойи ёки ўзини ўзи бошқариш органидан тасдиқланган икки нусхадаги ариза, унга қўшимча равишда 3,5 см х 4,5 см ҳажмдаги бир дона фотосурат, паспорт нусхаси ва ҳарбий ҳудудий Мудофаа ишлар бўлими маълумотномаси (агар ҳарбий хизматга мажбур бўлса) тақдим этиш лозим.

Хорижга чиқиш паспорти учун энг кам иш ҳақининг 120 фоизи миқдорида (243276 сўм) давлат божи ундирилади.