Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 19 декабрь куни «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорини имзолади.

Қарор билан 2019 йилда умумтаълим мактабларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича манзилли дастури ҳам тасдиқланиб, 975 миллиард сўмлик маблағ ажратилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Манзилли дастур доирасида 506 та объект қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш кўзда тутилган. Жумладан, 22 та янги мактаб қурилиши учун 2019 йилда 128,97 миллиард сўм йўналтириш кўзда тутилган. Мактабларнинг реконструкцияси учун 453,49 миллиард сўм ва капитал таъмирлаш учун 252,5 миллиард сўм ажратилган.

Дастур доирасида мактабларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун Қорақалпоғистон Республикасида 44,4 миллиард сўм, Андижон вилоятида 74,44 миллиард сўм, Бухоро вилоятида 33,91 миллиард сўм, Жиззах вилоятида 40,62 миллиардсўм, Қашқадарё вилоятида 86,2 миллиардсўм йўналтириш режалаштирилган.

Наманган вилоятида ушбу мақсадларга 74,54 миллиард сўм, Навоий вилоятида 24,54 миллиард сўм, Самарқанд вилоятида 97,85 миллиард сўм, Сирдарё вилоятида 24,10 миллиард сўм, Сурхондарё вилоятида 70,81 миллиард сўм, Тошкент вилоятида 73,77 миллиард сўм, Хоразм вилоятида 52,27 миллиард сўм, Фарғона вилоятида 74,28 миллиард сўм, Тошкент шаҳрида 63,2миллиард сўм маблағлар йўналтириш режалаштирилган.