Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Билдирсой спорт мажмуаси ҳудудида уч нафар сноубордчининг ўлимига расман изоҳ берди.

«24 декабрь куни 16:00 ларда „Билдирсой“ спорт мажмуасининг „Дор йўлаги“ ҳудудида 3 нафар фуқаро (М.М. 1994 й.т., М.М. 1999 й.т., М.С. 1999 й.т.) сноуборд спорт тури билан шуғилланиш жараёнида, таъқиқланган хавфли ҳудудда ҳаракатланишлари натижасида қор кўчкиси юзага келган, оқибатда улар қор уюмлари остида қолиб вафот этганлар», — дейилади хабарда.

ФВВ вакили «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда сноубордчилар пастга тушиш вақтида кичик қор кўчкисини келтириб чиқарган. Ҳалок бўлганларнинг жасадлари бир ярим метр қалинликдаги қор остидан топилган. Қутқарувчилар уларнинг жасадларини 19:05 да чиқариб олган.

Айни вақтда Билдирсой ҳудуди ташриф буюрувчилар учун ёпилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қор кўчкисининг пайдо бўлишига узоқ вақт қор ёғиши, кучли қор эриши, зилзила, портлаш ва тоғ ёнбағирларининг титраши кабилар сабаб бўлади.