Ўзбекистон 2019 йилнинг биринчи ёки иккинчи чорагида ўз тарихида илк бор еврооблигацияларни чиқаради, дея хабар қилди молия вазирининг биринчи ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров. 500 млн долларлик еврооблигациялар 5−10 йил муддатга чиқарилади.

Еврооблигация — эмитент хорижий валютадаги узоқ муддатли қимматли қоғоз. Евробондлар узоқ муддатга — 1 йилдан 40 йилгача муддатда пул маблағларини олишдан манфаатдор бўлган халқаро ташкилотлар, ҳукуматлар, йирик корпорациялар томонидан чиқарилади. Муайян муддатдан кейин қайта сотиб олиниши керак. Номида «евро» сўзи қўшилган бўлса ҳам (бундай қимматли қоғозлар илк бор Европада пайдо бўлган), бугунги кунда улар турли бозорларда турли валюталарда чиқарилади.

Июлда Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини олиш ва суверен облигацияларни эмиссия қилиш учун молиявий консультант сифатида JP Morgan Chase молия холдинги танланган эди. Шундан сўнг унга Deutsche Bank, Citibank ва «Газпромбанк» ҳам қўшилди, деди Аҳадбек Ҳайдаров.

Унинг сўзларига кўра, келгуси йили бошида Ўзбекистон Осиё, Европа ва АҚШда deal roadshow (салоҳиятли инвесторлар ва таҳлилчилар учун тақдимотлар ва учрашувлар) ўтказади.

«Сингапурда non-deal roadshow — шартномаларсиз тақдимот — ўтказилди. Биз салоҳиятли харидорларимизга ахборотларни тақдим этиб улгурдик», — деди у.

Вазирнинг биринчи ўринбосари евробондларнинг жойлаштирилиши бозордаги вазиятга боғлиқ эканини қайд этди. У АҚШ Федерал захира тизими 18−19 ноябрдаги йиғилиш якунлари бўйича базавий фоиз ставкасини 0,25 фоиз пункти миқдорида ошириб, йиллик 2,25 дан 2,5 фоизга етказганига эътибор қаратди. Америка фонд бозорлари асосий индексларнинг камайтирилишига муносабат билдирди.

«Биз вазиятнинг қандай ривожланишига қараймиз. Агар у биз учун қулайроқ бўлса, чиқаришни бошлаймиз», — деди Аҳадбек Ҳайдаров.

Жорий ҳафтада Ўзбекистон илк бор Fitch ва Standard & Poor’s халқаро рейтинг агентликларининг барқарор прогнозли «BB-» даражали суверен рейтингига эга бўлди. Йил сўнгига қадар Moody’s ҳам ўз баҳосини бериши кутилмоқда.

«Ҳар қандай инвестор биринчи навбатда рейтингга қарайди. Бу мамлакатдаги иқтисодий ва сиёсий вазиятга берилган мустақил баҳо бўлиб, инвесторга пул киритишни режалаштираётган бозордаги иқтисодий ҳолатни мустақил равишда ўрганишига ҳожат қолдирмайди. Шунинг учун бе рейтинглар биз учун жуда зарур», — деди Аҳадбек Ҳайдаров.