«Ўзавтосаноат» компанияси Американинг General Motors корпорациясидан Асакадаги GM Uzbekistan автомобиль заводининг қолган акцияларини сотиб олиб, заводнинг ягона акционерига айланди, дея хабар қилди «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов «Газета.uz"га.

Компаниянинг собиқ раҳбари, ҳозирда «Ўзавтосаноат» раиси ўринбосари бўлиб ишлаётган Умиджон Салимов май ойи охирида ҳукумат қарори билан Асакадаги GM Uzbekistan автомобиль заводи акциялари сотиб олинаётганини маълум қилган эди. Ўша вақтда General Motors 10 фоиз акцияларга эгалик қилган.

Шавкат Умурзоқов акциялар тўлиқ сотиб олинганини тасдиқлаб, параллел равишда Тошкентдаги GM Powertrain Uzbekistan мотор заводи акцияларини сотиб олиш бўйича музокаралар давом этаётганини маълум қилди. «Келгуси йили GM Powertrain Uzbekistan мотор заводи бўйича келишув бор. GM 52 фоиз акцияларга эгалик қилади», — деди у.

Октябрь ойи сўнгида Ўзавтосаноат" компанияси ва General Motors ҳамкорликнинг янги платформаси — «GM Ўзбекистон алянси"га ўтилаётганини эълон қилди. Алянс доирасида томонлар Ўзбекистонда автомобиллар ва двигателлар ишлаб чиқариш ҳамда Chevrolet (ички бозорда) ва Ravon (ташқида) брендлари остида автомобилларни сотиш бўйича ҳамкорликни давом эттиради.

GM Uzbekistan қўшма корхонаси 2008 йилда «Ўзавтосаноат» (75% акциялар) ва General Motors (25%) томонидан ташкил этилган эди. Йилига 250 минг автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга.