III Параосиё ўйинларида ғолиб вa совриндорлaр бўлган спортчиларни пул мукофотлaри билaн тaқдирлaш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишларига асосан Олимпия шон-шуҳрати музейида ушбу мукофотларни эгалари топширишга бағишланган тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, Паралимпия Миллий ассоциацияси раиси Улуғбек Мирҳайдаров ва бошқалар иштирок этишди.

Дастлаб президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан 2018 йил 4 декабрь куни имзоланган «III Паросиё ўйинларининг ғолиблари ва совриндорларини тақдирлаш тўғрисида"ги фармойишини ўқиб эшиттирди.

Унга кўра, Параосиё ўйинлари олтин медали соҳиблари 5000, кумуш медал совриндорлари 3000, бронза медалига эга чиққан спортчилар эса 2000 АҚШ доллари миқдоридаги, шогирдлари олтин медални қўлга киритган мураббийлар 2500, кумуш медаль 1500, бронза медалга эга чиққан спортчиларнинг мураббийлари эса 1000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пули билан тақдирланди.