Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказига 45 гектарга яқин ер майдони ажратилди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши матбуот хизмати хабар берди.

Орол денгизининг қуриб қолган қисмидаги шўрланган ерларда илмий-тадқиқот ва амалий ишлар кўламини кенгайтириш, экотизимни яхшилаш ҳамда муносиб ҳаёт фаолиятини таъминлаш, тадқиқотлар ва инновацияларнинг илғор тажрибаларини жорий этиш мақсадида ташкиллаштирилган Оролбўйи халқаро инновация маркази фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Жумладан, марказнинг илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш ва тажриба далаларини ташкил этиш учун Нукус тумани, «Саманбай» овул фуқаролар йиғини ҳудудидан 24,3 гектар, шунингдек, Оролбўйи ҳудудига мослашган ўсимликлар уруғчилигини ва кўчатзорларни ташкил этиш учун Мўйноқ тумани «Тик-ўзак» овул фуқаролар йиғини ҳудудидан 20,3 гектар ер майдонлари ажратилди.

Мазкур тажриба далаларида уруғчиликни ва кўчатзорларни ташкил этиш 2019 йилдан бошлаб амалга ошириш белгиланган.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, ушбу чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 16 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги оролбўйи халқаро инновация марказини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда.