Адлия вазирлигида «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этувчи органлар томонидан гербли гувоҳномаларни тўлдириш қоидаларини тасдиқлаш ҳақидаги буйруқ» давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда вазирликнинг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Ушбу ҳужжат билан Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этувчи органлар томонидан гербли гувоҳномаларни тўлдириш қоидалари тасдиқланди.

Унга кўра, гербли гувоҳномалар фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари қайд этилган алифбода тўлдирилади.

Гербли гувоҳномаларнинг устунларига киритиладиган ёзувлар фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларининг тегишли устунларидаги ёзувлар билан бир хил бўлиши лозим.

Гувоҳнома тўлдирилгандан сўнг ФҲДЁ органи раҳбари томонидан имзоланиб, муҳр билан тасдиқланади.

Тўлдирилган гербли гувоҳномаларга тузатишлар киритишга йўл қуйилмайди.

Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган гувоҳнома ўрнига такрорий берилган гувоҳноманинг юқори ўнг бурчагида «Takroriy» деб белги қўйилади. Белги қўлда, компьютер ёрдамида ёки штамп босиш орқали қўйилиши мумкин.

Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларига ўзгартириш, тузатиш ёки тўлдириш киритилганда, тегишли ўзгартириш, тузатиш ёки тўлдиришлар акс эттирилган бошқа гербли гувоҳнома берилади.

Мазкур буйруқ 2019 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.