Тошкентдаги «Wyndham Tashkent» меҳмонхонасида давом этаётган «Ислоҳотлар даврида оммавий ахборот воситалари: ахборот трансформацияси ва касб этикаси муаммолари» мавзусидаги семенар-тренингда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов сўзга чиқди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Маърузачи ўз сўзида журналистлар, блоггерлар ва айрим расмий нашрлар томонидан инсон шаънини ҳурмат қилиш масаласига етарли даражада эътибор қаратилмаётганлиги ва айбсизлик презумпциясига риоя этилмаётганини қоралади.

Шунингдек, Адлия вазири бунга Тошкент шаҳридаги Боровский коллежида юз берган воқеани мисол қилиб келтирди. Бундан ташқари Адлия вазири журналистикада касб этикаси муаммоларига тўхталиб, жиноятчилик ҳолатлари ҳақидаги материаллар баъзи ҳолатларда антиреклама бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун Адлия вазири ОАВни ўзаро ҳамкорликка чақирди.

Бундан ташқари Русланбек Давлетов ўз нутқида ижтимоий тармоқларнинг жамиятдаги муаммоларни дадил кўтариб чиқаётгани, аммо бу ўринда баъзи салбий ҳолатлар ҳам кузатилаётгани, улар орасида ёлғон, туҳмат хабарлар ҳам кўплигини айтиб ўтди.

«Мен ўзим ҳам Facebook тармоғида „Халқ билан мулоқот“ гуруҳини бошқараман, ҳозирда гуруҳ аъзолари сони 201 мингдан ошди», деб таъкидлар экан, бу гуруҳда ҳам ҳар хил ёлғон, асоссиз постлар жўнатилишини маълумот тариқасида етказди.