Тошкент вилояти божхона бошқармасининг «Навоий» чегара божхона пости Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан хамкорликда ушбу пост худудидаги чиқиндилар қутисига номаълум шахс томонидан 2 дона қора «ПМ49» русумли (газли пистолет) тўппончалар ташлаб кетилганини аниқлашди. Ҳозирда топилган қуроллар эгасини аниқлаш юзасидан тезкор қидирув ва суриштирув жараёни давом эттирилмоқда. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур пост ходимлари аниқлаган яна бир қонунбузилиш холатида эса қўшни давлатдан кириб келган фуқаро Б.Р.га тегишли автомашина белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, автомашина салонининг пол қисмидан йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ва оғзаки сўров давомида айтилмаган полиэтилен идишга солинган умумий оғирлиги 10 килограмм 4 мм.ли ов милтиғи сочма ўқларини республикамизга олиб ўтаётганлиги аниқланди.

«Ғишткўприк» чегара божхона пости ходимлари томонидан ҳуқуқни мухофаза қилувчи бошқа органлар вакиллари билан хамкорликда ушбу постга кириб келган фуқаро Г. З.нинг қўл юклари орасида божхона ходимларининг оғзаки сўровда тақдим қилинмаган ҳамда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган 11 дона 12 калибрлик гильза, 2 дона елим идишда оғирлиги 3,2 кг. бўлган қўрғошин ўқлар ҳамда 1 дона полиэтилен пакетда 231 гр. бўлган пробкаларни қўшни давлатдан олиб кираётгани тўхтатиб қолинди.

Айнан шу пост ходимлари томонидан қўшни давлатдан кириб келган фуқаро М.Я. га тегишли бўлган «Сhevrolet Lacetti» русумли автоулов холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилганида, автоулов салон қисмидаги магнитофон остида жойлашган тортмасидан 1 дона 9 мм.ли ташқи кўринишидан «Макаров» тўппончаси учун мўлжалланган жанговар ўқ борлиги аниқланди.

Тошкент халқаро аэропортида ҳам божхоначилар шунга ўхшаш ҳолатни фош қилишди. Калининградга парвози олдидан хорижий фуқаро Ч.И. нинг қўл сумкаси назорат тартибида божхона кўригидан ўтказилганда, унинг ичида божхона назоратига тақдим қилинмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган, декларацияланмаган жами 4 дона патрон борлиги аниқланди.

Йўловчи ушбу патронларни гўёки эсдалик совға сифатида олиб кетаётганини маълум қилган бўлса-да, бу уни жавобгарликдан озод қилмайди.

Хозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддасига биноан божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яшириб, декларациясиз қурол-яроқ ва ўқ-дориларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.