Мамлакат Мудофаа вазирлиги қўшинлари жанговар шайлигини мажмуавий текширишнинг иккинчи босқичида жанговар ҳаракатларни бажаришда белгиланган пунктларга шахсий таркиб ҳамда ҳарбий техникаларнинг автомобиль ва темирйўл техникаси ёрдамида олиб ўтилиши билан қўшинларнинг тезкорлиги ва шайлиги намойиш этилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Шундай қилиб, Мудофаа вазирлиги қўшинлари саккизта полигонга жойлаштирилди. Ўқув машғулотлари бўйича навбатдаги ҳаракатлар «Шўрсу», «Ангрен», «Фориш», Каттақўрғон", «Нуристон», «Термиз» ва «Нукус» полигонларида бўлиб ўтяпти, ҳарбий округларнинг бирлашган гуруҳлари очиқ ҳудудга жойлаштирилди ва махсус операцияларни ўтказиш режалаштирилди.

Разведка маълумотлари асосида куч ва воситаларнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Мобил бошқарув пунктларида ишлар уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.

Бўлинмаларни бошқариш ва ҳаракатларини мувофиқлаштиришда энг муҳим жиҳат — бу, шубҳасиз, барқарор алоқанинг ташкил экани. Қўшинларда алоқанинг узлуксизлиги таъминланган ва мунтазам қўллаб-қувватланмоқда.

Шу куннинг ўзида штурм ҳамда қўниш имкониятига эга авиация техникалари ёрдамида шахсий таркибни десантлаштириш масалалари кўриб чиқилди, жанговар самолёт ва вертолётлар асосий аэродромлардан захирадаги ҳарбий округларнинг аэродромларига олиб ўтилди. Куч тузилмаларининг бошқарув органлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилди.

Ўта муҳим ва тоифаланган объектларни қўриқлаш ва ҳимоя қилишда қўриқлов бўлинмалари жанговар ҳолатда хизматни амалга оширишига ўтказилди.

Жанговар вазифаларни бажариш пунктларида алоҳида ўқув ҳудудлари ташкил этилди, бу ерда ҳарбий хизматчилар ўзларининг жанговар тайёргарлик борасида кўникмаларини оширяпти.

Фото