Наманган вилоятида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ турли кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида яратилган қурилмани ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» нашри хабар қилди.

ФВВ томонидан ташкил этилган куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланиш хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда бу борада юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш каби масалаларга бағишланган матбуот анжуманида қурилманинг афзалликлар хусусида ҳам батафсил маълумотлар берилди.

«Ушбу қурилмани Наманган вилоятида ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, — дейди „Аҳолини ис газидан заҳарланиш ва ёнғиннинг олдини олиш“ МЧЖ директори Ҳусанбой Юнусов. — Қурилманинг афзаллик жиҳатлар кўп. Мисол учун, у хонадоннинг махсус иситиш тизимига ўрнатилади. Агарда уйда бирор сабаб билан метан, пропан ва бошқа ис газлари чиқадиган бўлса, қурилма ишга тушиб, уни аниқлаб беради ҳамда сигнал чала бошлайди».

Агарда хонадонда ис гази пайдо бўлган пайтда уйда ҳеч ким бўлмаса, қурилма газни тармоқдан автоматик равишда ўчиради. Қурилма электр энергияга уланган ҳолда ишлайди. Шу орқали у электр қувватини ўзида жамлайди. Бу эса қурилма электр энергияси тизимдан узилган ҳолларда ҳам 24 соат ишлаб туриш имконини беради.

Мутахассисларнинг айтишича, айни пайтда қарийб мингга яқин ана шундай қурилма ишлаб чиқарилган бўлиб, дастлаб 20 таси Тошкент шаҳар ИИББ объектларига ўрнатилган. Келгусида уни аҳоли хонадонларида ҳам фойдаланиш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди. Қурилманинг ўртача нархи 195 минг сўм атрофида.