Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни конгрессмен Трент Келли бошчилигидаги АҚШ Конгресси делегациясини қабул қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбари таркибида АҚШ Вакиллар палатаси аъзолари Висенте Гонсалес, Рональд Эстес, Рожер Маршалл ва Женнифер Гонсалес Колон ҳам бўлган делегацияни самимий қутлар экан, конгрессменларни АҚШ парламентига оралиқ сайлов муваффақиятли ўтгани билан табриклади.

Кейинги йилларда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди. Жорий йил май ойида Вашингтонда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб бергани таъкидланди.


Давлат раҳбари АҚШ Вакиллар палатасида конгрессменлар Т.Келли ва В.Гонсалес раҳбарлигида «Ўзбекистон бўйича кокус» ташкил этилганини мамнуният билан қайд этди. Ушбу механизм муносабатларни ҳар томонлама кенгайтириш ва аниқ иқтисодий лойиҳаларни илгари суришда самарали омил бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Учрашувда икки томонлама муносабатларга доир, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик учун қулай шароитлар яратиш ҳамда бу борадаги қўшма лойиҳаларни, аввало, ҳудудлараро даражада қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Конгрессменлар давлат раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда янги босқичда амалга оширилаётган ҳамда барча соҳа ва йўналишларни қамраб олган ислоҳот ва янгиланишларга юксак баҳо берди.

Икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни кенгайтиришга фаол кўмаклашишга тайёрлик таъкидланди.