Қорақалпоғистоннинг барча шаҳар ва туманларида 15-30 ноябрь кунлари «Асал байрами» ўтказилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Жумладан, Нукусда очилган «Асал байрами"да 80 га яқин асаларичилик билан шуғулланувчи фермер, деҳқон хўжалик раҳбарлари иштирок этмоқда. Унда жийда, қизилмия, янтоқ, оқ тол ва бошқа ўсимликларидан асал ҳамда прополис, мум ва асалари сути каби маҳсулотлари, шунингдек, асаларичилик соҳасида қўлланиладиган асбоб-ускуналар намойиш этилмоқда.


«Тадбирни ўтказишдан мақсад аҳолини сифатли, табиий ва арзон асаларичилик маҳсулотлари билан таъминлаш, асал маҳсулотларининг ўзига хос фойдали ва шифобахш хусусиятларини кенг тарғиб қилишдан иборат», — дейди «Ўзбекистон асаларичилари» ассоциацияси раиси Шерали Суярқулов.

Қайд этилишича, бир пайтлари Ўзбекистонда 40 минг тоннагача асал маҳсулотлари чет давлатларга экспорт қилинган. Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида эса фақат 58 тонна маҳсулот араб давлатларига, Россия, АҚШ, Малайзия давлатларига экспорт қилинган. Соҳани ривожлантиришга Исроил давлатидан мутахассислар жалб қилинмоқда. Жанубий Кореянинг тадбиркорлари ҳам Қорақалпоғистонда етиштирилган асал маҳсулотларини сотиб олишга қизиқиш билдирмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда асаларилари уялари, улар учун зарур ускуналар ва асаларичилик соҳасида қўлланиладиган инвентарьлар, махсус транспорт воситалари билан тиркамалар ва бошқалар лизинг шартномаси асосида етказиб берилмоқда. Асаларичилик хўжаликлари асал йиғиш мавсуми давомида ўрмон фонди ерларидан, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар (давлат қўриқхоналари, биосфера резерватининг муҳофаза қилинадиган зонасидан ташқари), табиий пичанзорлар, яйловлар ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларидан имтиёзли шартларда фойдаланмоқда.