Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси ижтимоий тармоқларда пойтахтдаги «Малика» савдо мажмуасида 13 ноябрь куни ДСҚ томонидан ташкил этилган назорат тадбири тафсилотлари турлича талқин қилинаётгани юзасидан яна бир бор изоҳ берди.

Қўмита хабарида қайд этилишича, «Малика» савдо мажмуасида жами 205 та савдо дўкони мавжуд бўлиб, 15 ноябрь кунидан уларнинг 80 фоиздан ортиғи, яъни барча ҳужжатларга эга, қонуний йўл билан ишлаётган савдо дўконлари ўз фаолиятини одатдагидек давом эттирмоқда.


«Солиқ органлари томонидан профилактик тадбирлар ва тарғибот ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган жисмоний шахсларга ўз бизнесини тўғри йўлга қўйишлари учун ёрдам берилмоқда. Жорий йилнинг биргина сентябрь-октябрь ойларида 22 нафар шахснинг тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтишига кўмаклашилган», — дейилади хабарда.

Лекин бундай тарғибот-ташвиқот ишларига бефарқлик билан қараб, ўз фаолиятини ноқонуний юритиб келганларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига чек қўйишга қаратилган манзилли назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Айнан «Малика» савдо мажмуасидаги назорат тадбирида 205 та дўкондан 13 тасида тадбиркорлик гувоҳномаси бўлмаган шахслар савдо билан шуғулланаётганлиги аниқланган. Уларга тегишли бўлган ҳеч қандай ҳужжат ва сифат сертификатисиз, умумий қиймати қарийб 308 млн сўмлик маиший техника воситалари, уяли алоқа телефонлари ва аксессуарлар масала қонуний ҳал бўлгунига қадар вақтинчалик олиб қўйилган.

Назорат тадбири давомида ҳужжатсиз сотилаётган товарларни вақтинча олиш юзасидан барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилди. Жумладан, товарни олиш далолатномаси (унда аниқ рўйхат келтирилган), унинг нусхаси ҳуқуқбузарга тақдим этилган.

Савдодан олинган товарлар сақлаш учун махсус дўконларга топширилиб, уларнинг бутлигини таъминлаш бўйича аниқ масъул шахсларга жавобгарлик юклатилди. Ушбу ҳуқуқбузарлар камчиликларни бартараф этса, яъни 1 ойлик муддат давомида ўз фаолиятини қонуний асосда йўлга қўйса, улар учун ҳеч қандай жарималар қўлланилмаган ҳолда, олиб қўйилган товарлари қайтариб берилиши суд орқали ҳал этилади. Бу борада тегишли ишлар бошлаб юборилган.

Давлат солиқ қўмитаси ўз фаолиятини қонун доирасида олиб бораётган ва солиқларни ўз вақтида тўлаб келаётган тадбиркорларга ҳеч қандай тўсиқ бўлмаслигини, фаолияти ортиқча текширилмаслигини яна бир бор эслатиб ўтди.