Ўзбекистон МДҲ иштирокчи-давлатларининг интеллектуал мулк бозорини шакллантириш ва ривожлантириш тўғрисидаги битимга қўшилди. Бу президент Шавка Мирзиёевнинг 14 ноябрдаги халқаро битимни тасдиқлаш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилди.

Интеллектуал мулк агентлиги юқорида кўрсатилган халқаро шартномани амалга ошириш юзасидан масъул марказий ваколатли орган, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Адлия вазирлиги ўзларига тааллуқли қисми бўйича масъул ваколатли органлар этиб белгиланди.

Шавкат Мирзиёев Ташқи ишлар вазирлигига мазкур халқаро шартноманинг кучга кириши учун Ўзбекистон томонидан зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги тўғрисида ва уни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли органлар ҳақида тегишли билдиришномани юборишни топширди.

Битим МДҲ иштирокчи-давлатларнинг ҳукумат раҳбарлари Кенгаши йиғилишида 2018 йил 1 июнь куни Душанбе шаҳрида имзоланди. Ҳужжат ҳамдўстлик мамлакатлари иқтисодиётининг турли сектоорларидаги интеллектуал фаолият натижаларидан фойдаланишга қаратилган.