Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармасининг Ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бўлими ва Ўртачирчиқ тумани давлат солиқ инспекциясининг қўшимча даромадларни аниқлаш ва ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бўлими жисмоний шахслар билан ишлаш шўъбаси томонидан Ўртачирчиқ тумани ҳудудида давлат рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний тарзда тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан тегишли чораларни кўриш мақсадида назорат тадбири ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси хабар берди.

Тадбир давомида туманнинг А.Навоий маҳалласи, Бек шоҳкўчаси автомобиль йўлининг ёқасида, Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Генерал Узоқов кўчаси, 61-уйда яшовчи, 1971 йилда туғилган фуқаро Қўчқоров Маҳмуд Мухторович давлат рўйхатидан ўтмасдан, ҳеч қандай ҳужжатларсиз қўлбола усулда тайёрланган иситиш печларини нақд пулга сотаётганлиги аниқланди.

Шунингдек, мазкур ҳолат аниқланган жойда фуқаро М. Қўчқоровга тегишли 214 дона умумий қиймати 3,2 млн. сўм бўлган қўлбола усулда ясалган иситиш печлари сотувга қўйилганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирилди.