Халқ таълими вазири ўринбосари Сарвар Бабаходжаев АҚШнинг Oracle компанияси вице-президенти Жованна Санжоржини бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, дея хабар берди Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

Учрашувда томонлар таълим соҳасида, жумладан, Oracle Academy дастури доирасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалаларини муҳокама этдилар. Шунингдек ахборот технологияларига оид таълим дастурларини яратиш ва мактабларда жорий этиш, ҳамда жойларда болаларга ахборот технологиялари бўйича билим берувчи тренер ва ўқитувчиларни тайёрлаш масалаларини кўриб чиқдилар.

«Вазирликнинг янги жамоасининг асосий мақсадларидан бири фарзандларимизнинг келажакда муносиб иш топишларига кўмак берадиган ахборот технологиялари соҳасида керакли билимларни олиш имкониятини яратиб беришдир», — деди Сарвар Бабаходжаев.

Учрашув якунига кўра, томонлар халқ таълими соҳасида қўшма таълим лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама этишда давомий алоқаларни ўрнатишга келишиб олдилар.

Oracle Academy — Oracle компания томонидан ўқитувчиларнинг ўқиш ва ишлашига тайёргарлик кўриш учун мактабларда, коллежларда ва университетларда талабалар учун ахборот технологияларини узлуксиз ўрганиш учун барча зарур ресурсларни тақдим этишга мўлжалланган таълим ташаббуси ҳисобланади.

Ҳар йили Oracle Academy курсларини 120 мамлакатдаги 3,5 миллион нафардан ортиқ талабалар ўрганади. Энг машҳур академик курслардан Java Fundamentals, Java Foundations, Java Programming, Database Foundations, Database Design and Programming With SQL, Programming with PL/SQL, APEX — Application Development Foundations ва шу кабилар бўйича бепул таълим олиш мумкин. Уларнинг ичига маъруза ва мустақил ўқиш, амалий машғулотлар, билимларни назорат қилиш, курс лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳам киради.