Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 1 ноябрдаги қарори билан ёқилғи-энергетика ресурслари тарифлари ва нархларини босқичма-босқич оширишни тасдиқлади.

Тарифлар оширилиши тўғрисидаги биринчи хабари «Ўзбекэнерго» компанияси маълум қилди. 16 ноябрдан маиший истеъмолчилар учун 1 кВт·с электр энергияси нархи 228,6 сўмдан 250 сўмга (9.3 фоизга), 2019 йил 1 июлдан эса 280 сўмга оширилади.

Овқат тайёрлаш учун марказлашган электр плиталари билан жиҳозланган кўп қаватли уйлар ва ётоқхоналарда 1 кВт·с электр энергияси нархи 16 ноябрдан 125 сўм (ҳозирда — 114,3), 1 июлдан эса 140 сўмни ташкил этади.

Бунга қадар электр энергияси тарифлари апрелда оширилган эди.

Бунга қадар биз 16 ноябрдан ёқилғи-энергетика ресурслари тарифлари ўзгариши тўғрисидаги қарор лойиҳаси ҳақида хабар берган эдик. Ҳужжатда автомобиль ёқилғиси ва газ нархларини ошириш ҳам кўзда тутилган.

Бундан ташқари, 1 январдан Тошкентнинг Юнусобод туманида синов тариқасида электр энергияси ва газ истеъмолининг базавий меъёрларини жорий этиш ҳам таклиф қилинган.

Аввалроқ Молия вазирлиги энергия ресурслари нархлари хилма-хиллигини қайта кўриб чиқиш зарурлиги асосланган мақолани чоп этган эди. Тарифлар оширилиши бўйича бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳам баёнот билан чиқди.