Ҳусанбой Аблазов «Фарғона сифатли йўл таъмир сервис» хусусий корхонаси раҳбари лавозимида ишлаб, бир гуруҳ ҳамкасблари билан қонунга хилоф ишга етакчилик қилди. Бу ҳақда «Фарғона ҳақиқати» газетаси сайтида маълумот берилди.

Ҳ.Аблазов корхонаси томонидан амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини тўлиқ ва сифатли бажарилишига масъул эди. Бироқ бир гуруҳ шериклари билан тил бириктирди. «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси вилоят филиалининг етакчи мутахассиси Феруз Усмонов билан биргаликда 2016 йил 21 январь кунги 38-сонли пудрат шартномасига асосан Фарғона тумани Илғор — 5 массиви 714-лотдаги 11 дона намунавий лойиҳа асосидаги уйларни қуришда нотўғри маълумотларни ҳеч иккиланмасдан қайд этишди. Ҳисоб-фактурага бажарилмаган қурилиш ишлари учун 117 391 300 сўмлик маблағ қўшиб ёзилди ва бу сармоя талон-тарож қилинди.

Аблазов шу билан кифояланмади. У юқоридаги намунавий уйларнинг қурилиш ишларини амалга оширишда «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси вилоят филиалининг етакчи мутахассиси З.Мамаюсупов (жиноят ишининг унга нисбатан қисми тугатилган) билан биргаликда 2016 йил 25 ноябрь кунги ҳисоб-фактурага 77 075 300 сўм маблағни қўшиб ёзганлар. Жиноий ҳаракатларини давом эттирган ҳолда Ҳ.Аблазов инжиниринг компания вилоят филиали етакчи мутахассиси Зафаржон Юлчиев билан ҳам ана шундай хуфёна ишга қўл урди. 2016 йил 15 декабрь кунги ҳисоб-фактурага 96 886 000 сўмлик қурилиш ишлари қўшиб ёзилди.

«Миндонобод» МФЙдаги 697-лотдаги 10 дона намунавий лойиҳадаги уй-жойлар ҳужжатларини тузишда ҳам ана шундай сохта маълумотлар тайёрланди. «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси вилоят филиалининг етакчи мутахассиси Камолиддин Мўминжонов бу ишда Аблазовни қўллаб-қувватлади. 2016 йил 25 декабрь кунги ҳисоб-фактурага 118 774 900 сўмлик қурилиш ишлари қўшиб ёзилди ва ўзлаштириб юборилди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди томонидан айбдорлар мансабдорлик, моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, жаримага тортилган ҳолда аҳлоқ тузатиш жазоси тайинланди.