Сув таъминоти ва канализация хизматлари учун 100 фоизлик олдиндан тўлов жорий этилди Ўзбекистон президенти 16 октябрь куни имзолаган айрим қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун «Халқ сўзи» нашри томонидан эълон қилинди.

Уй-жой кодекси 134-моддаси қуйидаги мазмундаги қўшимча тўртинчи қисм билан тўлдирилди:

«Давлат ва хусусий уй-жой фондларида кўрсатиладиган сув таъминоти ва сувни чиқариб юбориш (канализация) хизматлари учун мажбурий тўловлар олдиндан 100 фоизлик ҳақ тўлаш асосида амалга оширилиши керак»;

Бундан ташқари, мазкур модда қуйидаги мазмундаги саккизинчи ва тўққизинчи қисмлар билан тўлдирилди:

«Давлат ва хусусий уй-жой фондларидаги жойларнинг мулкдорларига, ижарага, арендага олувчиларига сув таъминоти ва сувни чиқариб юбориш (канализация) хизматлари учун олдиндан 100 фоизлик ҳақ тўлаш амалга оширилмаган тақдирда, сув таъминоти ва сувни чиқариб юбориш (канализация) тизимларидан тўлиқ узиб қўйишгача бўлган чоралар кўрилади.

Давлат ва хусусий уй-жой фондларидаги жойларнинг мулкдорларига, ижарага, арендага олувчиларига электр энергияси ва табиий газ етказиб берганлик учун ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган муддатда мажбурий тўловлар тўланмаган тақдирда, электр ва газ тақсимлаш тармоқларидан тўлиқ узиб қўйишгача бўлган чоралар кўрилади".

Худди шу ҳужжатда «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги қонуннинг 65-моддаси қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди:

«Пенсионер Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг пенсиядан ортиқча тўланган суммаларни ушлаб қолиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, аниқланган қарздорлик суд тартибида, бироқ унинг аниқланиш санасидан уч йилдан кўп бўлмаган давр учун ундирилади».

Қонун «Халқ сўзи» газетасида 17 октябрь куни чоп этилди ва расмий эълон қилинган санадан кучга кирди.