Уч карра Олимпия ўйинлари ғолибаси Ольга Забелинская Францияда профессионал велоспортчилар ўртасидаги Chrono des Nations халқаро мусобақасида биринчи ўринни қўлга киритди, дея хабар қилди Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.Велоспортчи ўртача 45 км/соат тезликда 35 дақиқа 54 сониялик натижа билан Ўзбекистон учун биринчи олтин медални қўлга киритди. Иккинчи ўринни 12 сония ортда қолган даниялик Эмме Сесиль Йоргенсен, бронза медалини эса финиш чизиғини 35 сония кечроқ кесиб ўтган франциялик Одри Кордон-Рагот қўлга киритди.

Забелинская ҳар йили ўтказилувчи мусобақада тўртинчи марта иштирок этмоқда, бироқ биринчи марта ғолиб бўлди.

Эслатиб ўтамиз, шосседа велоспорт бўйича Олимпия ўйинлари ғолибаси россиялик Ольга Забелинская ёзда спорт фуқаролигини ўзгартириш ва Ўзбекистон номидан иштирок этишга қарор қилган эди.