Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов 9 октябрь куни Венгрия Республикасининг «KISS Group» кимёвий концерни бошлиғи, Мишкольц шаҳри кимё саноати зонаси бош директори Киc Ласло билан учрашди. Бу ҳақда «Зарафшон» газетаси сайтида маълум қилинди.

Суҳбат чоғида вилоятда кимё соҳасини ривожлантириш, чиқиндини қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва чуқур қайта ишлашда ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди.

Э.Турдимов Венгрия компаниясининг Самарқандда ўз фаолиятини йўлга қўйиши ва кимё соҳаси бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун уларга зарур шарт-шароит яратиб берилишини таъкидлади.

Делегация аъзолари Самарқанд шаҳрида мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.