Февралдан буён Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётган Ботиржон Асадов мамлакатнинг Россиядаги элчиси бўлди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати. Москвадаги аввалги элчи Баҳром Ашрафхонов эса яқинда «Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқаруви раиси этиб тайинланган эди.

Ботиржон Асадов (1978 й. т.) -Тошкент давлат иқтисодиёт университети (1999) ва Ўзбекистон стратегик таҳлил ва истиқболларни аниқлаш олий мактаби (магистр, 2008) битирувчиси.

Меҳнат фаолиятини 2000 йилда Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида бошлаб, 2007 йилгача турли лавозимларда фаолият кўрсатди.

2007−2012 йилларда президент ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши девони етакчи маслаҳатчиси, 2012−2013 йилларда — ТИВнинг МДҲ, КХШТ ва ШҲТ ташкилотлари билан ҳамкорлик бошқармаси бўлим бошлиғи, 2013−2015 йилларда — Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси маслаҳатчиси ва Ўзбекистоннинг ШҲТ Котибиятидаги доимий вакили, 2015−2017 йилларда — Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчиси лавозимларида фаолият кўрсатган.

2017 йилда Сенат аъзоси, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм қўмитаси раиси ўринбосари бўлди. 20 июнь куни Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари лавозимига сайланди.