Жорий йилнинг 4 октябрь куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг сайти — uza.uzда «МИБ базасидаги маълумот хато чиқди» номли маълумот жойлаштирилган. Ушбу сайт манбаси асосида, «Газета.uz» ва «xs.uz» сайтларда ҳам шу мазмундаги маълумотлар тарқатилди.

Маълумотда Мажбурий ижро бюросининг Пайариқ туман бўлими ходимлари томонидан «Гулзор» маҳалласида яшовчи истеъмолчининг 7 млн. 397 минг 564 сўмлик қарздор эканини айтишганини ва қарздорлик зудлик билан тўланмаса, чора кўрилиши ҳақида огоҳлантиришганини, ҳолат Пайариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутасаддилари томонидан ўрганилиб, истеъмолчининг 232 минг 751 сўмлик ортиқча тўлови борлиги аниқлангани билдирилган.

Мажбурий ижро бюроси томонидан олиб борилган ўрганишда, Бюронинг Пайариқ туман бўлими давлат инспектори А. Абдукаримов, туман электр таромоқлари корхонаси томонидан тақдим этилган қарздорлик рўйхати асосида Пайариқ тумани «Гулзор» МФЙда яшовчи М. Жўрақуловага электр энергиясидан 7 млн. 397 минг 564 сўмлик қарздорлиги мавжудлигини маълум қилган.

Истеъмолчи ушбу қарздорлик ҳақида эътироз билдирганида, мавжуд ҳужжатлари ва туман электр тармоқлари корхонасидаги истеъмолчининг шахсий ҳисоб варақаси ўрганилиб, натижада, ушбу қарздорлик 09.06.2016 йилда туман Электр тармоқлари корхонаси ходими Акбар Пўлатов томонидан хонадондаги мавжуд ҳисоблагич кўрсаткичи дастурга нотўғри киритилиши оқибатида ҳосил бўлганлиги аниқланган.

Шундан сўнг, 2018 йил 12 июнь куни давлат инспектори А. Абдукаримов томонидан тумандаги «Энергия ресурслари ва сув таъминоти бўйича мавжуд умидсиз ва асоссиз ҳисобланган қарздорликларни ўрганиш тўғрисида» тузилган ишчи гуруҳ аъзолари билан хатлов ўтказилиб, далолатномага асосан электр энергиясидан асоссиз ҳисобланган қарздорлик истеъмолчига амалий ёрдам кўрсатиш орқали ҳисобдан чиқарилган ва 232.751 сўмлик ортиқча тўлови мавжудлиги аниқланган.