Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисида низомга тузатишлар (рўйхат рақами 1921−2, 2018 йил 25 сентябрь) киритилди. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Энди малака имтиҳонини топшириш учун зарур бўлган ҳужжатлар, анъанавий шакллар (бевосита ёки почта орқали) билан бир қаторда, уларнинг олингани тўғрисидаги билдиришнома билан электрон шаклда тақдим этилиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда қабул қилинган ҳужжатлар рўйхати нусхаси талабгорга юборилиши (топширилиши) керак.

Рўйхат ўзгармади. Эслатиб ўтамиз, адвокат лицензиясига талабгорлардан:

малака имтиҳонини топшириш тўғрисидаги ариза;

паспортнинг нусхаси (фақат Ўзбекистон фуқароси адвокат бўлиши мумкин, таҳр.);

олий юридик маълумот тўғрисидаги диплом (нусхаси олиниб, асли қайтарилади);

меҳнат дафтарчаси (нусхаси олиниб, асли қайтарилади) ёки унинг иш жойида тасдиқланган нусхаси;

талабгор тўғрисидаги маълумотлардан иборат бўлган шахсий варақа;

талабгор стажировка ўтаган адвокатлик тузилмаси томонидан берилган тавсифнома (айрим талабгорлар стажировка ўташдан озод этилади, батафсил қаранг);

3 х 4 см ҳажмдаги (сўнгги 12 ой ичида олинган) 2 дона рангли фотосурат талаб этилади.

Яна бир янгилик — малака имтихони жараёни интернет тармоғида реал вақт режимида видеотрансляция қилинади.

Биз аввал адвокатлик тузилмалари ўз ҳисоботларини электрон шаклда мақбуллаштирилган шакллар бўйича топширишлари мумкинлиги ҳақида ёзганмиз. Шунингдек, президентнинг 2018 йил 12 майдаги «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-5441-сон фармони адвокат мақомига эга бўлиш ва адвокатлар ишининг тартибини жиддий равишда ўзгартирган.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2018 йил 25 сентябрдан кучга кирди.