«Москва пўлат ва қотишмалар институти» Миллий технологик тадқиқотлар университетининг Олмалиқдаги филиали ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда ОТМ филиали «Газета.uz"га хабар қилди.

У Ўзбекистон ишлаб чиқариш соҳаси учун муҳандис-техник кадрларни тайёрлайди.

Филиалга 2018/2019 ўқув йили учун таълимнинг кундузги шакли бўйича жами 150 киши, жумладан, бакалавриатнинг «Кончилик иши» таълим йўналиши бўйича 75 киши, «Металлургия» таълим йўналиши бўйича 50 киши, «Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш (тармоқлар бўйича)» таълим йўналиши бўйича 25 киши қабул қилинди.

Ўқув жараёнига маҳаллий мутахассислар билан бир қаторда Россиядан педагогик таркиб ҳам жалб қилинди.

Филиалда таълим ўзбекистон давлат таълим стандартлари талаблари ҳисобга олинган ҳолда МИСиС тасдиқлаган ўқув режалари ва дастурлари бўйича олиб борилади.

ОТМ филиали ўқув ва илмий-лаборатория ускуналари, компьютер техникалари, дастурий таъминот маҳсулотлари, ўқув ва илмий-методик адабиётлар билан таъминланди.

Филиал битирувчиларига Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган «МИСиС» МТТУнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади.