2018 йил 8 сентябрь куни Самарқанд вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг матбуот хизмати хабар берди.

Унда «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Самарқанд ва Навоий вилоятларида ижро этилишини ўрганиш натижалари муҳокама этилди.

Тадбирда Қўмита аъзолари, халқ депутатлари Самарқанд ва Навоий вилоятлари Кенгашлари депутатлари, вазирлик ҳамда мутасадди идоралар, Самарқанд ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари ходимлари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари (ХУЖМШ) ва ихтисослаштирилган ташкилот (компания)лар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, 2018 йилда Самарқанд ва Навоий вилоятларидаги кўп хонадонли уй-жойларни мукаммал ва жорий таъмирлаш, уларнинг туташ ҳудудларини ободонлаштириш дастурини амалга ошириш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, дастурга мувофиқ Самарқанд вилоятида жами 26,7 миллиард сўм, Навоий вилоятида жами 11,8 миллиард сўм маблағлар сарфланиши режалаштирилган.

Бу жараёнда айниқса болалар майдончалари, кўп хонадонли уйлар олдидаги ирригация тизимларини янгидан қуриш ва таъмирлаш, пиёдалар учун мўлжалланган йўлаклар ҳамда кўп хонадонли уйларга ташқи ёритиш мосламалари ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, пудратчи қурилиш ташкилотлари ўртасида танлов савдолари ўтказилган ва молиялаштириш ҳамда қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланган.

Шу билан бирга, мажлисда Самарқанд ва Навоий вилоятларида ўтказилган ўрганишлар ҳамда фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига қилган мурожаатлари таҳлили, шунингдек ХУЖМШ фаолияти борасидаги аҳолининг ижтимоий тармоқлардаги фикрлари мониторинги натижасида ХУЖМШнинг самарали фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилаётган ва аҳолининг норозилигини келтириб чиқараётган айрим масалалар ҳам кўтарилди.

Хусусан, ширкатлар раҳбарияти томонидан қурилиш ва таъмирлашдаги нуқсонлар тўғрисида ҳужжатлар ва келгуси даврга мўлжалланган сметалар тузмасдан бадаллар миқдорларини ўзбошимчалик билан белгилаш, ширкат аъзолари томонидан қарор қабул қилиш тартибига риоя қилмаган ҳолда ХУЖМШни кредитлаш, ХУЖМШ аъзолари ва айрим уй эгалари томонидан умумий йиғилишлар ташкил этишда йўл қўйилган қоидабузарликлар санаб ўтилди. Шунингдек, сохта баённомалар ва бошқа ҳужжатлар тузилиши, маблағлар сарфланиши тўғрисида керакли ҳисоботлар йўқлиги, олиб борилаётган ишлар сифати устидан уй-жой эгалари томонидан самарали назорат ўрнатилмаслиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ХУЖМШ фаолиятига асоссиз аралашуви соҳада ечими кутаётган муаммолар сифатида эътироф этилди.

Шунингдек, тадбирда кўп хонадонли уйлар мулкдорлари ҳанузгача боқимандалик кайфиятида эканлиги, аксарият фуқаролар шахсий мулк қадри ва аҳамиятини тўлиқ англаб етолмаётганлиги қайд этилди.

Мулкдорларнинг бундай муносабати, ўз навбатида, ХУЖМШ аъзолари томонидан кўп хонадонли уйларни ва улар атрофини ободонлаштириш ҳамда таъмирлаш ишларига сарфланадиган мажбурий тўловлар кечиктириб киритилишига, айрим ҳолларда эса мажбурий тўловлар умуман тўланмаслигига олиб келмоқда.

Баъзида ХУЖМШ кадрларининг салоҳияти пастлиги ҳамда уларнинг раҳбар ва ходимлари лозим даражада ҳуқуқий маданияти етшмаслиги юқорида қайд этиб ўтилган бошқарув ва иш юритиш билан боғлиқ камчилик ва нуқсонларга сабаб бўлаётгани таъкидлаб ўтилди.

Мажлисда ўрганишлар жараёнида аниқланган шу каби камчиликлар ва уларни бартараф этиш йўллари атрофлича муҳокама қилинди.

Муҳокама якуни бўйича Олий Мажлис Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг уй-жой-коммунал хўжалигини янада ривожлантириш мақсадида қонунчиликка ўзгартишлар киритиш, соҳага оид қонун ҳужжатларини қайта ишлаб чиқиш ва уларда кўп хонадонли уйларни бошқаришнинг замонавий инновацион шакллари ва усулларини мустаҳкамлаш юзасидан тегишли қарори қабул қилинди.