Булунғур тумани Бахши кўчасида яшовчи, туман ХТБга қарашли 23-умумтаълим мактаби ўқитувчиси С.О.нинг аризаси юзасидан мактабда текшириш ишлари олиб борилганда, мактабнинг мансабдор шахслари иш ҳақи ва бошқа маблағларни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилиб келаётганлиги аниқланган, дея хабар беради zarnews.uz вилоят ИИБнинг фейсбукдаги саҳифасига асосланиб.

Жумладан, мансабдор шахслар ўз ваколатини суиистеъмол қилиб, 2016 йил 31 декабрь куни чек орқали жами 6 миллион сўм аванс пулларини нақд шаклда банкдан олишган. 9 нафар ўқитувчига 3 млн. 752 минг сўм пулларни тарқатмасдан, уларнинг ведомостдаги имзоларини сохталаштириб, пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишган.

Бундан ташқари, 2016−2017 йилларда туғруқ таътилида бўлган мактабнинг 5 нафар ўқитувчисига кредит ва бошқа тўловлар учун 22 млн. 728 минг 500 сўм ва иш ҳақи сифатида 26 млн. 517 минг 500 сўм, жами 49 млн. 246 минг сўм пул маблағлари ўқитувчилар шу вақтда ишламаган бўлсалар-да, уларнинг номларидан ведомостлар сохталаштирилиб, бюджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилинган.

Булунғур туманидаги 23-умумтаълим мактаби мансабдор шахслари томонидан жами 52.998.000 сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Булунғур тумани прокуратураси томонидан Ўз.Р ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.