Жорий йилнинг 28 август куни Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида «Elekta Infinity» фирмасининг замонавий чизиқли тезлаткич нур бериш ускунасининг ўрнатилганлиги муносабати билан, унинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелда қабул қилинган «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинганди. Ушбу ускуни ҳам мазкур қарор ижросини таъминлаш доирасида келтирилди.

Маълумки, нур терапия — онкологик беморларни даволашдаги асосий усуллардан бири ҳисобланади. У жарроҳлик усули билан бирга комбинирланган ва алоҳида шаклда қўлланилади. Ушбу усул паллиатив ва симптоматик даво учун ҳам ишлатилади. Ривожланган давлатларда нур терапия онкологик беморларнинг 60 фоиздан ортиғини даволашда қўлланилади.

Марказнинг нур терапия ўтказувчи чизиқли тезлаткичи билан таъминланиши эса йилдан йилга ривожланиб, янгиланиб бораётган янги технологияларни амалиётда қўллаш имконини беради ва нур терапия ўтказиладиган беморлар контингентининг ортишига, уларнинг ҳаёт сифати ва даволаш натижаларининг яхшиланишига олиб келади.