GM Uzbekistan компанияси автомобиллар савдоси қайта йўлга қўйилаётгани ва айрим модделлар нархлари оширилаётгани ҳақида хабар қилди.

«Мамлакат ҳукумати ёрдамида, вазирлик ва маҳкамалар вакиллари, экспертлар, жумладан халқаро мутахассислар иштирокида аҳоли фикр ва мулоҳазаларини таҳлил қилиш йўли билан „Ўзавтосаноат“ АЖ ишлаб чиқарилаётган автомобиллар нархларининг хилма-хиллиги ва нархларни ҳисоб-китоб қилишнинг асосланганлигини ўрганиб чиқди. Ўтказилган таҳлиллар натижалари бўйича ишлаб чиқарилаётган автомобиллар айрим моделларининг чакана нархларини ўртача 7,7 фоизга ошириш тўғрисида оғир қарор қабул қилинди», — дейилади компания матбуот хизмати хабарида.

«Бунда аҳоли ўртасида оммабоп ва арзон бўлган Spark, Nexia ва Cobalt моделлари чакана нархлари ўзгаришсиз қолди», — дейилади хабарда.

Мазкур қарорни қабул қилишда General Motors Uzbekistan АЖнинг оғир молиявий аҳволи ва ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг айрим моделлари норентабеллиги ҳисобга олинди, бироқ акциз солиғи ставкаларини оптималлаштириш ва дилерлик маржаларини пасайтириш ҳисобига нархларнинг кескин кўтарилиб кетишига йўл қўйилмади, дея таъкидлади компания.

«Автомобиллар чакана нархлари ва акциз солиғи ставкаларини сақлаб қолишда давлат ҳам бош акционер сифатида 2018 йил якунлари бўйича катта миқдорда зарар кўриб, келгусида бу оддий солиқ тўловчиларга ҳаттоки улар автомобиль сотиб олмаган тақдирда ҳам юк бўлиб тушиши мумкин», — дея тушунтириш бермоқчи бўлди ишлаб чиқарувчи.

1 августга қадар тузилган шартномалар бўйича автомобиллар шартномаларда кўрсатилган нархлар асосида етказиб берилади.