24 август куни Туркманистоннинг Аваза шаҳрида Оролни қутқариш халқаро фонди таъсисчи давлатларининг раҳбарлари саммити ўтказилади. Унда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат мирзиёев ҳам қатнашади. Бу ҳақда президент матбуот хизматининг телеграмдаги канали орқали хабар берилди.

2017 йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиёев қуйидаги фикрларни билдириб ўтганди: «Бугунги куннинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири — Орол ҳалокатига яна бир бор эътиборингизни қаратмоқчиман. Мана, менинг қўлимда — Орол фожиаси акс эттирилган харита. Ўйлайманки, бунга ортиқча изоҳга ҳожат йўқ. Денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришни тақозо этмоқда. Биз БМТ томонидан Орол фожиасидан жабр кўрган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича шу йил қабул қилинган махсус дастур тўлиқ амалга оширилиши тарафдоримиз».

Эслатиш ўринли, Оролни қутқариш халқаро фондининг таъсисчи давлатлари Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистан давлатлари ҳисобланади. 2017 йилдан бошлаб мазкур фондга Туркманистон давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов президентлик қилиб келмоқда.