Тошкентдаги «Самарқанд дарвоза» савдо мажмуаси биноси қаршисида автомобилларнинг туртилиб кетиши натижасида келиб чиққан жанжал пичоқбозлик билан якун топди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва ОАВ билан ишлаш бошқармаси хабар қилди.

Хабарда келтирилишича, 21 август куни соат 17:00лар атрофида Шуҳрат Акромов (1992 й. т.) Тошкентнинг Шайхонтохур туманидаги «Самарқанд Дарвоза» савдо мажмуаси биноси олд томонида автомобиллари туртилиб кетиши натижасида келиб чиққан жанжалда ёнидаги ўткир тиғли жисм билан Турсунпулат Расуловнинг (1994 й. т.) қорин бўшлиғига икки маротаба уриб, тан жароҳати етказади ва воқеа жойидан яширинади.

Жабрланувчи 1-сонли шаҳар клиник шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Шуҳрат Акромовга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.