Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини муқаддас Қурбон ҳайити байрами билан табриклади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

«Сиз азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, бутун халқимизни шукроналик, саховат ва меҳр-оқибат айёми — муборак Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклаб, эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман», — дейилади мамлакат раҳбари табригида.

«Бугунги кунда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимизнинг фаровон ҳаёти, жондан азиз фарзандларимизнинг бахту иқболини таъминлаш йўлида амалга ошираётган барча ислоҳотларимиз, жумладан, диний-маърифий соҳадаги ишларни тубдан такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларимиз дунё ҳамжамияти, нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан кенг эътироф этилмоқда», — деди президент.

Президент яқинда Америка Қўшма Штатларининг Вашингтон шаҳрида ўтказилган диний эркинликлар масалалари бўйича нуфузли халқаро форумда Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар юқори баҳоланганини эслаб ўтиб, «бу борада бошлаган ишларнинг халқаро миқёсда юксак эътироф этилганига яққол далилдир», — деди.

«Дунёда муқаддас динимиз номидан турли ёвуз ҳаракатлар содир этишга уринишлар кучайиб бораётган бир пайтда, униб-ўсиб, ҳаётга ёруғ юз билан кириб келаётган ўғил-қизларимизга муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини тушунтириб бериш, уларни теран фикрлайдиган, шиддатли замон мезонлари асосида яшайдиган маърифатли, дунёқараши кенг, баркамол инсонлар этиб вояга етказиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу йўлда бошлаган ислоҳотларимиз кутилган самарани бериши учун барчамиз, бутун халқимиз билан биргаликда ҳамжиҳат бўлиб иш олиб боришимиз кундалик заруратга айланмоқда», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

«Ушбу улуғ айём кунларида узоқ ва яқин мусулмон мамлакатларнинг халқларини, барча дўстларимизни самимий қутлаб, уларга тинчлик ва хотиржамлик, тараққиёт ҳамда фаровонлик тилаймиз», — деди давлат раҳбари.

«Қурбон ҳайити муносабати билан юртимизда уч кунлик дам олиш эълон қилингани халқимизнинг кайфиятини кўтариб, байрамга алоҳида файз ва шукуҳ бахш этмоқда. Бундай фазилатли кунларда юртдошларимиз қадимий ва табаррук масканларни, буюк аждодларимизнинг мўътабар қадамжоларини зиёрат қилиб, қариндош-уруғлари, яқинлари ҳолидан хабар олиб, руҳий таскин, маънавий озиқ олмоқдалар», — деди президент ўз табригида.