20 август куни соат тахминан 12:20 да Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Алишер Навоий ва Шароф Рашидов кўчаси кесишмасида «5-автобус саройи» МЧЖ тасарруфидаги 148-сонли «Жомий майдони — Тузел мавзеси 4-даҳа» оралиғида қатновчи ҳайдовчи Эшматов М.Н. бошқарувидаги Isuzu русумли давлат рақами 10 105 NBA бўлган автобус томонидан йўл-транспорт ҳодисаси содир этилди.

Йўл-транспорт ҳодисасининг асосий сабаби — автобуснинг ўз йўналиши бўйича ҳаракати давомида унинг олд томонидан ҳудуд рақами 85 бўлган оқ рангли Chevrolet Spark русумли енгил автомобил ҳайдовчиси томонидан кескин ўнга олиш оқибатида «Isuzu» русумидаги автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб йўл чеккасидаги устунга урилган. Натижада автобус ичидаги бир қанча йўловчиларга тан жароҳати етказилган. Жароҳат етказилган фуқороларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилган. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Ҳодиса юз берган вақтда йўл ёқасида турган такси ҳайдовчиларнинг, ҳамда автобусда бўлган йўловчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан Chevrolet Spark русумли енгил автомобилнинг ҳудуд рақамига ойдинлик киритилди.

Ҳозирда ИИББ ЙҲХБ томонидан оқ рангдаги Chevrolet Spark русумидаги енгил автоулови қидирилмоқда.

Мазкур воқеани гувоҳи бўлганлардан «Тошшаҳартрасхизмат» АЖ ҳаракат хавфсизлиги бўлими ходимларига (+99893 590−58−59) ёки ИИББ ЙҲХБ 102га хабар беришингизни сўраймиз.