Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг қўшма қарори (2018 йил 13 августдада 3053-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан туризм соҳасида фаолият юритувчи субъектларнинг солиқ солинадиган базасини алоҳида харажатлари бўйича камайтириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Ҳужжат президентнинг 2018 йил 7 августдаги «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 3514-сон қарорининг 15-бандини бажариш мақсадида қабул қилинди. Идоралар ушбу бандда кўрсатилган имтиёзларни тақдим этиш тартибини белгиладилар:

1 — солиқ солинадиган базани 2020 йил 1 январга қадар санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган замонавий санитария-гигиена тармоқларини қайта тиклаш, капитал таъмирлаш ва қуришга йўналтирилган харажатлар суммасига — 100 млн сўмгача камайтириш.

Уни қўллаш учун солиқ тўловчи Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг (бундан кейин — Марказ) хулосасини олиши лозим.

Тегишли ишлар солиқ бўйича бир нечта ҳисобот даврларида олиб борилган ҳолларда солиқ солинадиган базани камайтиришни ишлар якунлангандан кейин Марказнинг хулосасини тақдим этиш шарти билан амалга оширишга рухсат берилади.

Бироқ солиқ тўловчи 2020 йил 1 февралгача Марказнинг хулосасини олмаган тақдирда, имтиёз бекор қилинади ва солиқ тўловчи у қўлланган даврлар учун аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши керак бўлади. Солиқ солинадиган базанинг 100 млн сўмгача камайиши, бир марталик ёки қисмларга бўлинган ҳолда, 2020 йил 1 январгача амалга оширилади.

2 — солиқ солинадиган базани ҳар йили 2025 йил 1 январга қадар санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган замонавий санитария-гигиена тармоқларини, туризм инфратузилмаси объектларини сақлашга йўналтирилган харажатлар суммасига — 12 млн сўмгача камайтириш.

Ушбу имтиёз солиқ тўловчи Марказнинг хулосасини олганидан кейин тақдим этилади. Солиқ солинадиган базанинг 12 млн сўмгача камайиши 2025 йил 1 январгача ҳар йили амалга оширилади.

Солиқ солинадиган базанинг камайтирилиши юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ягона солиқ тўлови ҳамда бозорлар даромадлари бўйича амалга оширилади.