2018 йилнинг 16 август куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Малайзиянинг фавқулодда ва мухтор элчиси этиб қайта тайинланган Ҳенди Ассан билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Вазир элчининг ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилди.

Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий, инвестицион, транспорт ва бошқа соҳаларда ривожланиш учун улкан салоҳиятларга эга Ўзбекистон — Малайзия муносабатларининг асосий йўналишлари муҳокама қилинди.

Учрашувда сиёсий маслаҳатлашувлар, Қўшма савдо қўмитаси йиғилиши ҳамда ишбилармон доираларнинг бизнес-форумини ўтказиш муддатлари борасидаги таклифлар кўриб чиқилди.

Учрашув давомида таъкидланганидек, туризм соҳаси маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштиришнинг муҳим қисми ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан элчи малайзиялик туристлар учун визасиз тартиб жорий қилиш бўйича Ўзбекистон томонининг қарори унинг мамлакатида мамнуният билан қабул қилинганини қайд этди.