Наманган вилоятининг Янгқиқўрғон туманидаги Қизилқиёқ маҳалласида шу йил 1 август куни йўл транспорт ҳодисаси рўй берди. Қораполвон маҳалласида яшовчи Д. М. «Москвич-412» русумли машинасини ушбу маҳалла ҳудудида ҳайдаб кетаётиб, бошқарувни уддалай олмай, йўлни кесиб ўтаётган Шаҳноза Умурзоқова ва унинг қизи Сожида Соҳибжоновани уриб юборди. Бу ҳақда namnews.uz сайти Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги матуот хизматига таяниб хабар берди.

Она-бола ўша заҳоти касалхонага келтирилди, бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, ҳаётдан кўз юмишди. Шаҳноза Умурзоқова 25 ёшда, унинг қизи эса ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган эди.

Қизилқиёқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Асқарали Раҳимовнинг айтишига қараганда, бу ҳудудда икки йил ичида автоҳалокат оқибатида рўй берган ўнинчи ўлим ҳолатидир. Ўтган 2017 йили юз берган 6 та автоҳалокатда 7 киши ҳалок бўлди, бу йил эса 2 та шундай бахтсиз ҳодиса оқибатида 3 киши вафот этди.

«Бундай фожиалар кўп бўлаётгани учун 4-умумтаълим мактаби кўчасидан чиқиш жойига светофор ўрнатиб беришларини сўраб, Янгқиқўрғон тумани ички ишлар бўлими ҳамда Наманган вилояти ИИБ идорасига мурожаат қилгандик. Афсуски, бу масала ҳозиргача ҳал бўлгани йўқ», дейди Асқарали Раҳимов.

«Ҳисоб-китобларга кўра, бир светофорнинг ўрнатилиши 70 миллион сўм кетар экан. Тўғри, маблағни аввал топиш, сўнг талаб қилинган жойга сарфлаш лозим. Бироқ инсон ҳаёти ҳамма нарсадан устун-ку. Икки йил ичидаги 10 та ўлим ҳолати барчани ҳушёрликка чақириши, зудлик билан зарур чоралар кўришга ундаши лозим эмасми», — дейилади хабарда.