4 август куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатга бугун ташриф билан келган Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Сушма Свараж билан учрашди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

ТИВдаги учрашув чоғида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари умумий кун тартибининг асосий масалаларини муҳокама қилдилар ҳамда халқаро ва минтақавий муаммолар борасида фикр алмашдилар.

Суҳбатда эътироф этилганидек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг 9 июнь куни Синдао шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасидаги учрашуви якунлари барча йўналишлар бўйича икки томонлама муносабатларга янги динамика бериш учун икки давлат етакчиларида мустаҳкам сиёсий ирода мавжудлигини яна бир бор исботлади. Икки томоннинг ҳам сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, туристик, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ошириш учун мавжуд бўлган улкан имкониятларни амалга ошириш борасида биргаликда ишлашга тайёр эканлиги таъкидланди.

Вазирлар Ўзбекистон раҳбарининг кузда Ҳиндистонга бўлажак давлат ташрифига тайёргарликнинг амалий жиҳатларини кўриб чиқдилар.

Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнига ҳамда унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш бўйича Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳамкорлигининг истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.