Жорий йилнинг февраль ойида инкасатор машинаси ва автобус тўқнашуви натижасида автобус ҳайдовчиси ҳалок бўлганди. Мазкур иш юзасидан тайёрланган дастур Бош прокуратуранинг фейсбукдаги саҳифаси орқали эълон қилинди.

2018 йилнинг 15 февраль куни соат 07:03 да Олой бозоридан Универсам бозори томон ҳаракатланган 72-автобус ҳайдовчиси Юнусобод тумани Амир Темур ва Осиё кўчалари чорраҳасида содир бўлган йўл транспорт ҳодисаси натижасида воқеа жойида вафот этди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Республика инкассация хизмати давлат унитар корхонаси инкассатор-ҳайдовчиси Равшан Расулов бу ишда айбдор деб топилди.

Йўл камералари томонидан қайд этилган тасвирларга эътибор берилса, махсус инкассация автомашиналари Йўл патруль хизмати ходимлари ҳамроҳлигида колонна бўлиб Осиё кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган пайтда патруль автомашинаси светофорнинг қизил чироғига кириб, чорраҳанинг Олой бозори томонидан ҳаракатланиб келаётган автомашиналарга йўл бера бошлайди. Унинг ортидан келаётган, Равшан Расулов бошқарувидаги инкассация юк машинаси қоидани қўпол равишда бузиб олдинга юради. Натижада автобус билан тўқнашув содир бўлади.

4 фарзанднинг отаси бўлган Мирфаёз Ҳусанов шу ернинг ўзида вафот этди. Жамоат транспорти ичида бўлган яна 8 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатларини олди.

Мазкур ҳолат бўйича қўзғатилган жиноят иши судда кўриб чиқилди. Суд ҳайъатига жалб қилинган Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг суд автотехника лабораторияси етакчи экперти Зафар Сайфутдинов воқеа юзасидан қуйидагича фикр билдирди:

«Бу фожеага сабабчи бўлган Равшан Расулов судда ўз қилмишига иқрор эмаслигини билдирган. У автобуснинг чорраҳа томон ҳаракатланиб келаётганлигини кўрмай қолган эмиш. Шундай бўлиши мумкинми? Одил суд бу жумбоққа ўзгача ечим топди. Ушбу важга ҳар томонлама ойдинлик киритиш учун воқеа содир бўлган жойда суд томонидан эксперемент ўтказилди.

Инкассация юк машинасида ҳам автобус бошқарувида ҳам амалга оширилган экпериментда ҳаммаси ойдинлашди. Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, инкассатор машинаси ҳайдовчисига автобуснинг чорраҳа томон ҳаракатланиб келаётгани биб-бинойидек кўриниб турибди. Демак, чорраҳадан ўтишда Равшан Расуловнинг эътиборсизликка йўл қўйганлиги ўз исботини топди".

Суд Расуловга нисбатан қуйидагича ҳукм чиқарди. У 2,6 йил давомида қамоқда ўтирадиган бўлди.

Маълумот учун, жорий йилнинг олти ойи мобайнида республикамизда 3774 та ЙТҲ содир этилган. Унинг натижасида 943 нафар инсон ҳалок бўлган ва 3583 нафари эса турли даражадаги тан жароҳати олган.