Айни пайтда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва бир нечта олий таълим муассасалари ректорларидан иборат делегация АҚШнинг Vebster университетида меҳмон бўлиб турибди. Бу ҳақда Fledu.uz хабар берди.

26 июль куни ЎзДЖТУда Vebster университетининг TESL — инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш ихтисослиги бўйича бир йиллик магистратура дастурини очиш ҳақидаги келишув имзоланди. Бу Америка олий таълим муассасасининг Марказий Осиёдаги биринчи магистрлик таълим лойиҳаси бўлади. Келажакда бошқа мутахассисликлар бўйича ҳам ҳамкорликдаги таълим дастурларини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Жорий йилда бу дастурда иштирок этиш учун нафақат Ўзбекистон, балки, Марказий Осиёнинг барча давлатларидан мутахассислигидан қатъи назар бакалавр даражасига эга, инглиз тилидаги билим даражаси IELTS — 6 дан кам бўлмаган ёки шунга тенглаштирилган тил билимини баҳолаш бўйича бошқа халқаро сертификатларга эга ёшлар хужжат топширишлари мумкин.

Ўзбекистон ҳукуматининг саъй-ҳаракатлари билан ёшларнинг халқаро даражада олий таълим олишлари учун тўлов-контракт пули миқдори АҚШдаги каби 27 минг АҚШ доллари эмас, балки мамлакатимиздаги халқаро ОТМлар магистрлик даражаси учун тўланаётган қийматга яқин бўлиши мўлжалланган.

ЎзДЖТУдаги Vebster унисерситети магистратурасида америкалик мутахассислар билан бир қаторда махсус танловдан ўтган маҳаллий ўқитувчилар ҳам дарс беришади.

Ушбу магистратура дипломи билан битирувчилар нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё олий таълим муассасаларида дарс бериш имкониятига эга бўладилар.

Vebster университетининг ЎзДЖТУдаги магистратурасига қабул жорий йилнинг август ойидан бошланади ва бунинг учун бакалавр даражасига эга битирувчилар қуйидаги хужжатларни топширишлари лозим: бакалаврлик дипломи, диплом иловасининг нотариал тасдиқланган таржимаси, ИЕЛТС — 6 дан кам бўлмаган ёки шунга тенглаштирилган тил билимини баҳолаш бўйича бошқа халқаро сертификат ва CВ. Танлов АҚШнинг Vebster университетида ўқишга талабгорларнинг хужжатлари асосида амалга оширилади.