Аввал хабар берганимиздек, 26 июль куни Тошкентнинг Бобур кўчасида 11-йўналишда ҳаракатланувчи автобус дарахтга бориб урилди. Мазкур ҳолат юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ баёнот берди.

2018 йил 26 июль куни Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Бобур кўчасида, соат чамаси 14:30 ларда «3-автобус саройи» МЧЖда тасарруф этиладиган «Белтепа мавзеси АШБ ва маҳаллий ҳаво йўллари 3-терминал» бўйлаб ҳаракатланадиган 11-йўналишда ҳайдовчи Анвар Исломов бошқарувидаги давлат рақами 01 041 JFA, сарой рақами — 351 бўлган «МАН» русумли автобусда1-сонли «Бахт уйи» (собиқ 1-ФҲДЁ) қаршисида йўл-транспорт ҳодисаси содир этди. Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида 9 нафар йўловчи энгил жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамиятида махсус ишчи комиссияси тузилди ва воқеа тафсилотлари ўрганилмоқда. Дастлабки суруштирувда 1993 йилда Тошкент шаҳрида туғилган ҳайдовчи А.Исломов шу куни соат чамаси 05:00 ларда йўналишга ишга чиққан. Йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган вақтда 9-қатновни амалга ошираётган бўлган. Ҳайдовчи соғлом, автобус техник соз ҳолатда бўлган. «3-автобус саройи» МЧЖда 2 йилдан буён ҳайдовчи сифатида ишлаб келган.

Йўл-транспорт ҳодисаси ҳайдовчи А.Исломов иш кунининг иккинчи ярми бошида содир бўлган, яъни ҳайдовчи бирмунча толиққан. Мазкур ҳодисага ҳайдовчининг йўловчи ташиш транспорти тизимида иш тажрибаси камлиги ҳамда бошқарувни йўқотган маҳал шошиб қолгани сабаб бўлган. Ушбу ҳодиса барча автобус ҳайдовчилари ўртасида муҳокама этилди ва улар қўшимча йўриқномадан ўтказиляпти. Содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси вақтида жабрланганларга Жамият ва унинг таркибидаги «3-автобус саройи» МЧЖ томонидан моддий-маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Бунинг учун автосаройдан масъуллар бириктирилди.

Айни пайтда ЙТҲ туфайли жароҳатланган 9 нафар йўловчининг 6 нафарига уйга жавоб берилган, қолган 3 нафари шифохонада саломатлигини тикламоқда.

Содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси учун «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти шаҳар аҳолиси ва меҳмонлардан узр сўради.

Йўл-транспорт ҳодисаси сабаб ва омиллари ишчи комиссия томонидан чуқур ўрганилмоқда. Хизмат суруштируви тафсилотлари ҳақида тез орада яна маълумот берилади.