Самарқанд вилояти ҳокими в.б. Эркинжон Турдимов 64-сонли мактаб-интернати ва ижтимоий ҳимоя остидаги масканларга ташриф буюриб, у ердаги вазият билан танишди. Бу ҳақда ҳокимнинг Фейсбукдаги саҳфаси орқали хабар берилди.

Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатда тарбияланаётганлар учун яратилган шарт-шароит ўрганилди. Кейинги кунларда мазкур муассасада содир бўлган ҳолат мактаб жамоаси, мутасаддилар ва жамоатчилик иштирокида муҳокама этилди. Турли хил кўнгилсиз воқеалар рўй бермаслиги бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Самарқанддаги 1 ва 10-сон меҳрибонлик уйларида ёш авлоднинг муносиб таълим-тарбия олиб, камолга етиши учун давлатимиз томонидан барча шароит яратилган. Шуниси борки, бу ерда вояга етаётган ёш авлод кўп сонли инсонларнинг меҳри ва эътиборидан баҳраманд бўлиши, энг асосийси, жамоатчиликнинг ғамхўрлигини ҳис этиши керак. Мутасаддилар билан мана шу масалага алоҳида эътибор қаратилди.

131 нафар кекса ва ногиронлиги бўлган инсонлар истиқомат қилаётган «Саховат» интернат-уйида бир қатор муаммолар борлиги кузатилди. Жумладан, бинода лифт ишламайди, ювиниш хоналари таъмирталаб, санитария қоидаларига амал қилинмаган. Муассаса ҳовлисида ободончилик ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ёзги павильонда кроват-сўрилар бор, бироқ шароит яратилмаганлиги сабабли баҳаво жойга ҳеч ким келмайди.

«Интернат-уйи мутасаддилари фаолиятидан қониқмадик», — деб ёзилади хабарда.