Президент Шавкат Мирзиёев 20 июль куни Яшнобод туманига ташриф буюриб, ер усти метроси қурилишининг бориши билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Умумий узунлиги 52,1 километрдан иборат мазкур метро қурилиши беш босқичда амалга оширилади. Дастлаб Тошкент метрополитенининг «Дўстлик» бекатидан Қўйлиқ бозоригача бўлган қисми қурилади. 11 километрлик бу қисмда саккизта бекат бунёд этилади.

«Жамоат транспортининг фақат нефть ёки газга боғланиб қолиши нотўғри. Ер усти метроси арзон, қулай ва хавфсиз. Энг муҳими, бу бошқа жамоат транспортларидаги юкламани ўзига олади, шаҳар марказидаги тирбандликни камайтиради. Йўл ҳақи тушумиям вақтида ва жойида бўлади», деди Шавкат Мирзиёев.

Шу жиҳатларни ҳисобга олиб, қурилишни тезлаштириш, ишни бир неча сменада ташкил этиб, эртароқ қуриб битказиш зарурлиги таъкидланди.

Президент ер усти метросининг биринчи босқичини келгуси йил Наврўз байрами арафасида фойдаланишга топшириш бўйича кўрсатмалар берди.