Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 июнь куни матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини табриклади. Такрикни давлат раҳбари матбуот хизмати эълон қилди.

Шавкат Мирзиёев миллий медиа майдонида фуқаролик жамиятининг муҳим шарти бўлган нодавлат оммавий ахборот воситалари тармоғи кенгайиб, самарали фаолият кўрсатаётгани, интернет журналистикаси жадал ривожланиб бораётганини таъкидлаб ўтди.

«Газеталаримиз, теле-радиоканалларимизда ошкоралик, таҳлил ва холис танқид руҳи кучайгани, бевосита хорижий мамлакатлардан тайёрланаётган материаллар сони ортиб бораётганини биз ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз», — деди давлат раҳбари ўз табригида.

Президент бошқа соҳалар қатори оммавий ахборот воситалари фаолияти бўйича ҳам ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини яхши тушунишини маълум қилди «Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда „тўртинчи ҳокимият“ даражасига кўтарилиши зарур. Бу — замон талаби, ислоҳотларимиз талаби», — деди у.

Биринчи навбатда, Шавкат Мирзиёевнинг фикрича, медиа тармоқлари фаолияти самарасини ошириш, уларни халқ билан мулоқотнинг ишончли воситасига айлантириш, замонавий ахборот хизматлари бозорини, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш сингари долзарб масалалар доимий эътиборимиз марказида бўлиши керак.

«Ҳозирги вақтда ҳаётимизда амалга оширилаётган модернизация ва янгиланиш жараёнларининг туб моҳиятини халқимизга етказиш, одамларни янги марралар сари сафарбар этиш, олдимизга қўйган вазифаларни сифатли амалга оширишда сизларнинг таъсирчан сўзингиз, фаол гражданлик позициянгиз сув билан ҳаводек зарур», — деди президент.

«Ҳақиқатан ҳам, ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам адолат тамойилига, ўзининг ҳаётий ва ижодий принципларига содиқ қолиш, одамларни қийнаётган камчилик ва муаммоларни дадиллик билан кўтариб чиқиш, уларни бартараф этиш учун жамоатчилик фикрини шакллантиришга, аввало, сизлар каби маънавий жасорат эгаларигина қодир бўлади, — дея давом эттирди у. — Биз жамиятимизда ошкоралик, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда, ҳуқуқий демократик давлат асосларини мустаҳкамлашда сизларга, сизларнинг билим ва истеъдодингизга таянамиз».

Давлат раҳбари оммавий ахборот воситалари ходимларининг иш ва турмуш шароитларини яхшилаш, уларнинг машаққатли ва масъулиятли меҳнатини муносиб баҳолаш ва рағбатлантириш, соҳа ривожига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш бундан буён ҳам биз учун устувор вазифа бўлиб қолади, дея ишонч билдирди.