25−26 июнь кунлари Тошкентдаги «Пойтахт» бизнес марказида «Иқлим қутичаси» — мактаб ўқувчилари учун «Иқлим ўзгариши» мавзусида ўқув-ўйин материалларини тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси «Газета.uz"га хабар қилди.

Семинарда Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази, Тошкентдаги мактаблар методист ва ўқитувчилари, Ўзгидромет, «EKOMAKTAB» нодавлат нотижорат ташкилоти, Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университет вакиллари иштирок этди.

БМТ Тараққиёт Дастури 2014 йилда жамоатчиликнинг иқлим ўзгаришлари ҳақидаги билим ва тасаввурларини бойитиш мақсадида Ернинг кўп асрлар мобайнидаги иқлим ўзгаришлари жараёни ва ҳозирги кундаги аҳвол тасвирланган маълумотномани тайёрлаган эди. Қўлланма Россиянинг 157та мактабида муваффақият билан синовдан ўтди. 2015 йилда нашр инглиз тилига таржима қилинди ва Парижда бўлиб ўтган Иқлим ўзгариши бўйича Томонларнинг Доирали Конвенцияси конференциясида (COP-21) тақдим этилди.

Икки кун мобайнида россиялик мураббийлар ўқув қўлланмасидан фойдаланиш тажрибаси билан ўртоқлашди. «Иқлим қутичаси» таркиби таништирилиб, у билан ишлаш хусусиятлари, мустақил бажариш учун бериладиган топшириқлар орқали болалар билан мулоқотни ўрнатиш усуллари очиб берилди.

Шу билан бирга, билим ўйинлари, кроссвордлар, викториналар ва квестлар намойиш этилди, улар ўйин шаклида материални енгил ўзлаштириш ва олинган билимларни кундалик ҳаётда қўллаш имконини беради.

Қўлланма дастлаб пойтахт ва Қорақалпоғистонда синаб кўрилади. Келгусида эса қўлланмадан янада кенгроқ фойдаланиш учун табиий фанлар ўқитувчилари ва услубиятчилари учун ўқув семинарлари туркумини ташкил этиш режалаштирилмоқда.