Тошкент прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари Мираълам Мирзаев ва унинг оила аъзолари жиноий иш бўйича тергов жараёнида Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси «Газета.uz"га тақдим этган маълумотларда сўз боради.

«Тергов жараёнида Мирзаев оиласи бўйича М.Мирзаев, М.Мирзаева, А.Мирзаев ва З.Иноғомов (М.Мирзаевнинг жияни) қўлга олинди», — дейилади Бош прокуратура маълумотномасида.

Жиноий иш доирасида Мирзаев ва Иноғомовлар оилаларига тегишли турар жой ва нотурар объектларда тинтувлар ўтказилиб, турли буюмлар, ҳужжатлар, автотранспорт воситалари ва бошқалар олиб қўйилди.

«Тергов жараёни давом этаётгани сабабли ҳозирда мазкур жиноий иш бўйича бошқа маълумотларни ошкор қилиш имконияти йўқ», — дея маълум қилди назорат органи.

22 март куни Бош прокуратура Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашитжон Қодировга нисбатан очилган жиноий иш доирасида Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари Мираълам Мирзаев, унинг турмуш ўртоғи ва ўғли иштирокида жуда кўп миқдорда пора олиш, бошқа мансабдорлик жиноятларини содир этганлик ҳолатлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини хабар қилган эди.