Россияда ўтказилаётган жаҳон чемпионатида кутилмаган натижалар давом этди — мағлуб бўлган Германия ортидан Бразилия ўзидан кучсиз бўлган Швейцарияни мағлуб этолмади.

Ўйин тўлиқ бразилияликларнинг устунлигида ўтди десак асло хато бўлмайди. Айниқса учрашув охирида «пентакампеонлар» ғалабани ўз томонига оғдириш учун катта куч сарфладилар.
Таъкидлаш ўринли, мазкур баҳсда Бразилиянинг асосий юлдузи бўлмиш Неймарнинг ўйини унчалик ҳам қовушмади. Балки шу омил ҳам якуний натижага таъсир қилгандир.

Ўйиннинг 20-дақиқасида Коутиньонинг ажойиб зарбасидан сўнг жанубий амрикаликлар ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Шундан сўнг ҳам бир қатор яхши вазиятлар бўлганига қарамай, 1-тайм шу ҳисобда якунланди.

Иккинчи бўлим бошланиши билан европаликлар Цубернинг бош билан йўллаган аниқ зарбасидан сўнг ўртадаги мувозанатни тиклашди. Шундан сўнг Бразилия терма жамоаси футболчилари ҳарчанд олдинга ташланишмасин, бошқа гол ура олишмади.

Бразилия — Швейцария 1:1 (1:0, 0:1)

Голлар: 1:0 — 20 Коутиньо, 1:1 — 50 Цубер.
Бразилия — Алиссон, Данило, Тиаго Силва, Миранда, Марсело, Паулиньо (Ренато Аугусто, 67), Каземиро (Фернандиньо, 60), Коутиньо, Виллиан, Габриэл Жезус (Фирмино, 79), Неймар.

Швейцария — Зоммер, Лихтштайнер (Ланг, 87), Шер, Аканжи, Родригес, Беҳрами (Закария, 71), Жака, Шакири, Жемаили, Цубер, Сеферович (Эмболо, 80).
Огоҳлантиришлар: Лихтштайнер (31), Каземиро (47), Шер (65), Беҳрами (68).