Кеча Россия-Саудия Арабистони ўйини билан бошланган жаҳон чемпионати баҳслари бугун давом эттирилди. «А» гуруҳидан ўрин олган иккинчи учрашувда Миср терма жамоаси Уругвайга қарши майдонга тушди.

Мисрнинг асосий юлдузи бўлган Муҳаммад Салоҳнинг мазкур баҳсда майдонга тушиши сўроқ остида эди ва якунда у ўйинда қатнаша олмади.

Учрашув олдидан фаворит сифатида эътироф этилган Уругвай терма жамоаси ўйин бошиданоқ ташаббусни ўз қўлига олишга ҳаракат қилди. Аммо 1-бўлимда ҳисоб очилмади.

1-таймда ҳам ишқибозлар асосан жанубий америкаликларнинг ҳужумларига гувоҳ бўлишди. Дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борган Суарес уни алдаб ўтолмаган бўлса, Каванининг иккита хавфли зарбаси ҳам голга айланмади.

Ўз навбатида Миср бош мураббийи дуранг натижани сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Учрашув шу ҳисоб билан якунланадигандек туюлаётган бир вазиятда Уругвай ҳимоячиси Хименес катта саҳнага чиқди. У жарима зарбасидан оширилган тўпни тўрга аниқ йўллаб, жамоасига уч очко келтирди.

«А» гуруҳи

Миср — Уругвай 0:1 (0:0, 0:1)

Гол: 0:1 — 90 Хименес.

Миср — Шанавий, Габр, Абдул Шафий, Фатҳи, Хегази, Эл Ненни, Ҳамид (Морсий, 50), Саид, Уарда (Собҳий, 82), Трезеге, Муҳсин (Кахраба, 63).

Уругвай — Муслера, Хименес, Касерес, Варела, Годин, Нандес (Санчес, 58), Бентанкур, Весино (Торрейра, 87), де Арраскаэта (Родригес, 59), Суарес, Кавани.

Огоҳлантиришлар: Морсий (90), Хегази (90).